Грузия хорижий талабалар учун қоидаларни қатъийлаштиради

ASTANA. Kazinform - Грузия парламенти қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлар пакетини биринчи ўқишда маъқуллади. Ушбу ўзгартишлар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлиш қоидаларини қатъийлаштиришни, шу жумладан хорижий талабалар учун янги талабларни жорий этишни назарда тутади. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг минтақадаги мухбири Биринчи жамоат телеканалига таяниб хабар берди.

Фото: Грузинформ

Ҳукумат ташаббусига кўра, Грузия олий ўқув юртларига ўқишга киришни режалаштираётган хорижликлар ўзлари оладиган таълим тилини билишини тасдиқловчи сертификат тақдим этиши шарт бўлади. Шу билан бирга, Миллий баҳолаш ва имтиҳонлар марказига айрим ҳолатларда махсус тиллар бўйича имтиҳонлар ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Янги меъёрлар хорижий талабаларнинг таълим жараёнига ҳам қўшимча талаблар қўяди. Хусусан, улар ҳар йили ўқув дастурининг камида учдан бир қисмини ўзлаштириши лозим бўлади. Агар талаба таълимни 90 кундан ортиқ муддатга тўхтатиб турса, бу унинг яшаш учун рухсатномаси бекор қилинишига асос бўлади.

Шунингдек, асосли сабабсиз Грузия ҳудудидан 183 кундан ортиқ вақт давомида ташқарида бўлиш ҳам яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асос ҳисобланади. Асосли сабаблар қаторига алмашинув дастурларида иштирок этиш ёки даволаниш зарурати киради.

Ўзгартиришлар умуман иммиграция қонунчилигига ҳам таъсир қилади. Аввалроқ расмийлар Грузия фуқароси билан никоҳ орқали доимий яшаш учун рухсатнома олиш устидан назоратни кучайтириш ниятида эканлиги ҳақида хабар қилинган эди.