Ишлаб чиқувчиларнинг айтишича, моделнинг асосий хусусиятларидан бири — бир неча кун давомида узлуксиз ишлай олишидир. Gemini 4 Carbon катта код базаларини ўрганиб, тизимдаги носозликлар сабабини аниқлайди ва зарур тузатишларни киритади. Агар дастлабки уринишлари муваффақиятсиз бўлса, муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўлларини излайди. Ҳозирча Google ушбу имкониятларни компания ичидаги синовлар давомида баҳолаган.
Google маълумотларига кўра, компаниянинг ички синовларида Gemini 4 Carbon хавфсиз код ёзиш кўрсаткичи бўйича Gemini 4 Argon моделидан икки баравардан зиёд юқори натижа кўрсатган. Бундан ташқари, Artificial Analysis Intelligence Index v5.0 рейтингида 59 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллаган.
Янги модель босқичма-босқич фойдаланишга топширилади. Дастлабки босқичда Gemini 4 Carbon'дан киберхавфсизлик соҳасида танлаб олинган мутахассислар ва Fairwind дастурининг ишончли ҳамкорлари фойдаланиш имконига эга бўлади. Кейинчалик Google моделни дастурчилар, ташкилотлар ва оддий фойдаланувчиларга ҳам тақдим этишни режалаштирмоқда.
Компания API орқали фойдаланиш тарифларини ҳам эълон қилди. Бир миллионта кирувчи токен қиймати - 2 доллар, бир миллионта чиқувчи токен эса 10 долларни ташкил этади. Нарх модел томонидан қайта ишланадиган маълумотлар ҳажмига қараб белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, Google бундан аввал Gemini туркумига мансуб Gemini 4 Argon моделини тақдим этган эди. У дастурлаш, графикларни таҳлил қилиш, узоқ видеолавҳалардан керакли маълумотларни топиш ва ҳужжатлардаги ахборотни қайта ишлаш вазифаларига мўлжалланган.