Глобал исиш Қозоғистон иқлимига қандай таъсир қилмоқда – фактлар ва прогрозлар
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Евроосиё қитъасининг марказида, океанлардан узоқда жойлашган. Бундай географик жойлашув иқлимга таъсир кўрсатади – бу ердаги ўзгаришлар жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичлардан тезроқ содир бўлмоқда.
“Охирги ўттиз йил ичида Қозоғистон иқлими барқарор исишни намоён қилмоқда, бу эса намлик даражасидаги беқарор ўзгаришлар (қурғоқчиликдан тортиб, орттиқча ёғингарчиликкача) билан бирга кечмоқда”, – дейди мутахассислар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Абу-Дабидаги барқарор ривожланиш бўйича саммитда глобал исишни Марказий Осиё учун энг катта таҳдидлардан бири сифатида қайд этган эди.
“Тезлашиб бораётган исиш экотизимларга, инсон ҳаёти учун қулай шароитларга ва озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу эса иқлимга мослашув бўйича фавқулодда стратегияларни қабул қилишни талаб қилади. Шунингдек, минтақа трансчегаравий дарёларга ҳам катта даражада боғлиқ. Шу сабабли бизга эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш ва сув ҳамда ер ресурсларини бошқаришни яхшилаш жуда зарур”, — деган эди Президент.
Ҳарорат изчил ошиб бормоқда
Мутахассислар мамлакат бўйлаб ўртача йиллик ҳароратнинг барқарор ўсишини қайд этмоқда. Бу эса айниқса Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудларида яққол кўзга ташланмоқда.
“Мамлакат бўйича ҳарорат ҳар ўн йилда ўртача 0,36 °C га ошиб бормоқда, ғарбий ҳудудларда эса бу кўрсаткич янада юқори – 0,47 дан 0,56 °C гача”, – деб маълум қилмоқда «Қазгидромет».
Қозоғистонда фасллар бир-бирига аралашиб кетяптими?
“Кўплаб қозоғистонликлар одатий фасллар ўзгариб бораётганини пайқашмоқда: қишлар юмшоқроқ бўлиб, баҳор аввалроқ келмоқда, ёз эса узоқроқ давом этмоқда. Бу кузатувлар кўп йиллик метеомаълумотлар билан ҳам тасдиқланади”, – дейди мутахассислар.
«Қазгидромет» давлат корхонаси маълумотларига кўра, 1976 йилдан 2024 йилгача мамлакатда ўртача йиллик ҳарорат ҳар ўн йилда тахминан 0,36 °C га ошиб борган. Исиш айниқса баҳор, ёз ва куз фаслларида яққол кузатилмоқда – қишдан ташқари деярли барча мавсумларда, қишда эса ўзгаришлар унчалик кучли бўлмаса-да, сезиларли даражада.
Умуман мамлакат бўйлаб қуйидаги тенденциялар қайд этилмоқда:
- йилнинг илиқ даври узаяпти – вегетация даври, яъни ҳарорат барқарор +10 °C дан юқори бўладиган, ўсимликлар фаол ўсадиган давр узаймоқда;
- ҳаво ҳарорати манфий бўладиган кунлар сони камаймоқда;
- -20 °C дан паст бўлган қаттиқ совуқлар камроқ кузатилмоқда.
Масалан, 2020 йил баҳори аномал даражада илиқ бўлган – ўртача кўрсаткичлар меъёрдан +3,84 °C га юқори бўлган. 2023 йил эса Қозоғистондаги бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлди – 1961-1990 йиллар оралиғидаги климатик меъёрлар билан солиштирганда +1,73 °C га юқори.
«Қазгидромет» мутахассисларига кўра, ушбу ўзгаришларнинг асосий сабаби атмосферадаги иссиқхона газлари концентрациясининг ортиши натижасида юзага келган глобал исишдир.
Қиш Қозоғистонда иссиқлашмоқда
2024-2025 йиллар қиши аномал даражада илиқ бўлди. Мамлакат бўйича ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдан 2,7 даража юқори бўлган. Айниқса кучли исиш Қостанай, Шимолий Қозоғистон ва Павлодар вилоятининг шимолий қисмида кузатилди – бу ҳудудларда ҳарорат меъёрдан 5 ва ундан ортиқ даражага юқори бўлган. Ўскеменда эса январь ойида ҳарорат меъёрдан 7,6 даража юқори бўлган. Астанада эса охирги ўн йилликларда қишлар қаттиқдан ўрта даражада қаттиқ совуқларгача юмшоқлашгани қайд этилган.
Қозоғистон жанубидаги баъзи тоғ этакларидаги ҳудудларда ҳарорат бироз меъёрдан паст бўлган, аммо фарқ кўп бўлмаган – масалан, Жунғар дарвозалари яқинида жойлашган Жаланашкўл метеостанциясида максимум 1,2 даража паст бўлган.
«Қазгидромет» маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб 127 та метеостанциядан аксарияти қишни «илиқ» ёки ҳатто «ўта илиқ» деб баҳолаган. Бу хусусан шимолий вилоятларда яққол сезилган. Бундай оғишлар бу ҳудудларда ҳар 20 йилда бир марта ёки камроқ содир бўладиган иқлимий аномалиялар ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли ҳам жуда илиқ қиш бўлганини тасдиқлаган.
Мутахассислар фикри
Жамоат бирлашмаси «КазЭкоПатруль» раҳбари Тимур Елеусизовнинг таъкидлашича, Қозоғистон ва Марказий Осиё иқлим ўзгариши суръати бўйича дунёдаги энг ноқулай ҳудудлар қаторига киради.
“Биз ҳозир иқлим исиши бўйича энг юқори чўққисида турибмиз. Қозоғистон ва бутун Марказий Осиё иқлим исиши бўйича энг тез ўзгарувчи ҳудудлар қаторида. Ер юзаси ҳарорати ўсиш тенденциясида биз бутун дунёдан илгарилаб кетганмиз”, – деди у.
Экспертнинг айтишича, дунё бўйича ҳароратнинг ўртача йилилик ўсиши 0,1 °C атрофида бўлса, Қозоғистонда бу кўрсаткич 0,3–0,5 °C ни ташкил этмоқда. Бунинг асосий сабаби – океанлар ва катта сув манбалари таъсирининг етишмаслигидир.
“Бизда ҳудуд катта – дунёда тўққизинчи ўринни эгаллайди, лекин катта сув ҳавзалари бор-йўғи учта, улар ҳам жуда катта эмас. Масалан, Балқаш кўлини оладиган бўлсак, унинг ўртача чуқурлиги атиги 6 метр. Агар тоғларимизни ҳисобга олсак, музликларнинг деярли 60 фоизи аллақачон эриб кетган. Бу музлик массасининг камайишига олиб келмоқда. Демак, ҳарорат янада ошиб бораверади”, – деб изоҳлади Елеусизов.
Сув камаймоқда, ўрмонлар етарли эмас
Эксперт таъкидлашича, Қозоғистон сувни тежаш ва барқарор ердан фойдаланиш соҳасида жаҳон амалиётидан орқада қолмоқда. У Хитой ва АҚШда муваффақиятли қўлланилаётган сув йўқотилишини камайтириш технологияларини мисол келтирди.
“Хитой ва АҚШда сув ҳавзалари махсус қора шарлар билан ёпилади. Бу буғланишни камайтиради, сувнинг гўнглашишининг олдини олади ва ресурсни сақлаб қолади. Биз ҳам бу технологияларни жорий қилишимиз мумкин. Ўтган йили Қозоғистоннинг 11 вилояти тошқинлардан жабр кўрди. Агар бизда катта ҳажмли ва муҳофазаланган сув омборлари бўлганида, сувни сақлаб қолиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин эди. Лекин амалда эса ерларимиз деградацияга учради ва иқтисодий йўқотишларга олиб келди”, – деди Елеусизов.
Унинг таъкидлашича, яна бир жиддий муаммо – ўрмонлар етарли эмаслиги: Қозоғистон ҳудудининг атиги 4,8 фоизи ўрмон билан қопланган.
“Деярли яшиллик йўқ. Биз ҳозироқ ўрмонларнинг ҳажмини кўпайтиришимиз шарт”, – дейди мутахассис.
NASA тарихий исишни қайд этди
NASA ҳисоботига кўра, 2024 йил асбоб-ускуналар ёрдамидаги кузатувлар олиб борила бошланган 1880 йилдан бери тарихдаги энг иссиқ йил бўлди. 2024 йилда ўртача глобал ҳарорат ХХ аср меъёридан (1951–1980) 1,28 °C га юқори бўлган ва 2023 йилдаги рекордни ортда қолдирган. 2023 йил июнидан 2024 йил августигача 15 ой давомида ҳар бир ой аномал даражада иссиқ бўлган.
Қозоғистон иқлим ўзгариши суръати бўйича хавфли ҳудудлар қаторида. Шу сабабли сув ресурсларини сақлаб қолиш, яшил майдонларни кенгайтириш ва барқарор технологияларни жорий этиш – ортиб бораётган иқлим хавфлари шароитида муҳим вазифалар саналади.