Гайана соҳиллари яқинида йўловчи пароми ҳалокатга учради

ASTANA. Kazinform – Гайана соҳиллари яқинида 116 киши бўлган йўловчи пароми ҳалокатга учради. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар берилди.

Фото: facebook.com/GuyanaOPM

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 53 киши қутқарилган. Қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда.

Паром Жоржтаун шаҳридан Порт-Кайтума йўналишига йўл олган пайтда Померун дарёси яқинида жойлашган Айрон-Пант (Iron Punt) ҳудудида ағдарилиб кетган.

“Экипаж 18 июлда кечқурун ҳалокат ҳақида сигнал берди. Шундан сўнг фавқулодда вазиятларга жавоб қайтариш механизмлари зудлик билан ишга туширилди”, – деди Гайана бош вазири Марк Филлипс.

Унинг сўзларига кўра, қутқарув ишларига давлат хизматлари билан бир қаторда хусусий сектор кемалари ҳам жалб этилган. Ҳокимият қутқарув бўлинмаларидан тезкор маълумот олиб турибди ва барча йўловчилар ҳамда экипаж аъзоларини омон сақлаб қолишни асосий вазифа деб ҳисобламоқда.

“Қидирув-қутқарув гуруҳи MV BARIMA паромини бортдаги одамлар томонидан берилган сигнал ракеталари ёрдамида аниқлади”, – деб хабар берди маҳаллий ҳокимият.