Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси ўринбосарлари Шуҳрат Сатторов, Жасур Акромов, федерация бош котиби Исмоилжон Матхаликов иштирок этган маросим давомида “А” ва “В” гуруҳидан жой оладиган жамоалар номи аниқланди.
Қуръага кўра, “А” гуруҳидан Ўзбекистон, Хитой, Хитой Тайпейи, Гонконг, Ҳиндистон жамоалари жой олган бўлса, “В” гуруҳида Жанубий Корея, Япония, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон вакиллари баҳс юритадиган бўлди.
Қуръа ташлаш маросимида Осиё қитъаси мамлакатларининг гандбол миллий федерация вакиллари, халқаро гандбол федерацияси экспертлари онлайн тарзда иштирок этди ва тадбирларни кузатиб борди.
Тадбир давомида Осиё гандбол федерацияси ва Ўзбекистон гандбол федерацияси ўртасида Ўзбекистонда XVII Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш, унинг техник тадбирларини уюштириш, хорижий давлат терма жамолларини ва мусобақа ҳакамларини кутиб олиш каби масалалар бўйича шартнома имзоланди.
Тошкентда ўтказилиши кутилаётган мазкур қитъа чемпионатида совринли ўринларни эгаллаган жамоалар 2026 йилги жаҳон чемпионатида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритади.