Торонто шаҳрида L гуруҳи доирасида бўлиб ўтган баҳс африкаликлар фойдасига 1:0 ҳисобида якунланди.
Учрашувдаги ягона гол қўшимча вақтда киритилди. 95-дақиқада Калеб Йиренки гол урди, унга Брэндон Томас-Асанте голли узатмани амалга оширди.
Ўйиннинг катта қисмида ҳар икки жамоа ҳам ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Панама биринчи бўлимда хавфлироқ ҳаракат қилди, дарвозабон Бенжамин Асаре бир неча бор ўз жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.
Танаффусдан кейин ҳам панамаликлар рақиб дарвозасига босимни кучайтиришда давом этди, бироқ ҳисобни очишнинг уддасидан чиқа олмади. Иккинчи бўлимда Гана бош мураббийи Карлуш Кейруш бир неча бор алмаштиришларни амалга ошириб, ҳужум чизиғини кучайтирди.
Ўйин тақдири сўнгги дақиқаларда ҳал бўлди. Томас-Асанте чап қанотдан жарима майдонига узатма берди, Калеб Йиренки эса аниқ зарба билан жамоасига ғалаба ва уч очко келтирди.
Бу гол Калеб Йиренкининг миллий терма жамоа сафидаги илк голи бўлди.