"Freestyle Chess" жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Абдусатторов бронза медалини қўлга киритди

Фото: Фото: UzA

TASHKENT. Kazinform — Германиянинг Вайсенхаус шаҳрида ўтказилган “Freestyle Chess” бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов 3-ўринни эгаллади, деб хабар беради UzA.

Мукофот жамғармаси 300 минг АҚШ долларидан иборат мусобақада ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 3-ўрин учун баҳсда германиялик Винсент Кеймерни 2.5:1.5 ҳисобида мағлуб этди ва 40 минг АҚШ доллари миқдорида мукофотга эга чиқди.

Ушбу ғалаба ортидан Абдусатторов 2027 йилги” Freestyle Chess” жаҳон чемпионатида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Жавоҳир Синдоров 7-8-ўринлар учун америкалик Левон Аронян билан куч синашди. Қизиқарли кечган ўйиннинг 81-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлашди. Бироқ, чемпионат низомига мувофиқ қора доналарда дурангга эришган Аронян 7, Синдоров 8-ўринни эгаллади ва 10 минг АҚШ доллари мукофоти соҳиби бўлди.

Жаҳон чемпионлиги учун Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана қарама-қаршилигидаги учрашувда собиқ жаҳон чемпиони Карлсен 2,5:1,5 ҳисобида ғолиб чиқди ва 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланди. Ўз навбатида, Каруана 60 минг доллар эгасига айланди.

Шунингдек, америкалик Ханс Ниманн ҳиндистонлик Аржун Эригаисини 2:0 кўринишида доғда қолдириб, 5-поғонани банд этиши ортидан 25 минг АҚШ долларига лойиқ кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов “Tata Steel Chess-2026” турнирида ғолиб бўлди.