Франциядаги жазирама иссиқ: ҳокимият 60 департаментда тўқ сариқ огоҳлантириш эълон қилди

ASTANA. Kazinform— Франциянинг 60 та департаментида кучли иссиқ ҳаво сабабли тўқ сариқ даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди. Мамлакатда ҳаво ҳарорати 41 даражагача кўтарилиши кутилмоқда, деб хабар беради Анадолу.

Фото: Азертадж

Франция миллий метеорология хизмати — Météo-France маълумотига кўра, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 41 даражагача етиши мумкин. Синоптиклар прогнозича, жазирама иссиқ келаси ҳафтада ҳам сақланиб қолади.

Шу муносабат билан мамлакат ҳукумати ҳаракатларни мувофиқлаштириш ишларини кучайтирди. Бош вазир Себастьян Лекорню ва 14 нафар вазир иштирокида идоралараро инқироз гуруҳининг шошилинч йиғилиши ўтказилиб, юзага келган вазият муҳокама қилинди.

Париж шаҳрида иссиқ ҳавонинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида қатор чоралар қабул қилинди. Жумладан, шаҳар боғлари энди сутка давомида ишлайди. Шунингдек, 17 июндан бошлаб аҳолига кечки пайт сувда чўмилиш имконини яратиш учун Сен-Мартен каналининг бир қисми очилди.

Бундан ташқари, мактабларни 1200 та вентилятор билан жиҳозлаш ва жамоат бассейнларининг иш вақтларини кечки соат 20:00 гача узайтириш режалаштирилган.

18 июнь куни эълон қилинган Oxfam France ҳисоботида Францияда иссиқ ҳаво оқибатида ҳар йили 5 мингдан ортиқ одам вафот этиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда жазирама иссиқ бошлангани ҳақида хабар берилган эди.