Вафот этганлар 80 дан 95 ёшгача бўлган икки эркак ва бир аёлдир. Улар якшанба куни Франциянинг жануби-шарқидаги Бордо атрофидаги уйларида вафот этган. Ў
лим ҳолатлари Сенон, Сен-Медар-ан-Жаль ва Сен-Жан-д’Илак коммуналарида қайд этилган. Шу даврда Франциянинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати 36°C дан ошиб, айрим жойларда 40°C дан ҳам юқори бўлган.
Давлат вакили Софи Броканинг маълум қилишича, фавқулодда хизматлар ушбу ўлим ҳолатларини дастлабки баҳолашда иссиқлик билан боғлиқ деб ҳисоблаяпти.
Ҳозирги иссиқ тўлқини 2003 йил августдаги, Европа тарихидаги энг ҳалокатли даврлардан бири билан таққосланяпти.
Франциянинг миллий метеорология хизмати Météo-France аномал даражадаги иссиқлик ҳафта давомида сақланиши ҳақида огоҳлантирди. Душанба ва сешанба кунлари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида “жуда юқори” ҳарорат кутиляпти, баъзи жойларда эса яна 40°C дан ошиши мумкин.
Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини кўпроқ сув ичишга, алкоголдан воз кечишга, уйларни салқин сақлашга ва куннинг энг иссиқ вақтларида жисмоний фаолликни чеклашга чақирди.
Айниқса кекса одамларга кунига бир неча соат салқин ёки кондиционерли хоналарда бўлиш, танани нам сочиқ билан ёки сув сепиш орқали совитиш ҳамда минерал мувозанатни сақлаш учун оз-оздан, лекин тез-тез овқатланиш тавсия этилди.
Вазирлик шунингдек, қўшнилар ва қариндошларни ёлғиз яшайдиган ва кекса одамлар билан доимий алоқада бўлишга чақириб, иссиқлик пайтида кундалик қўнғироқ ёки қисқа ташриф инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини таъкидлади.
18 июндан бошлаб мамлакатда экстремал иссиқликка қарши курашишга ёрдам бериш мақсадида махсус ахборот “тезкор алоқа линияси” ишга туширилган.
Аномал иссиқлик Испания, Буюк Британия, Бельгия, Нидерландия, Италия, Швейцария ва Германияда ҳам кучли ҳис этиляпти.
Шунингдек, Франциянинг 49 та ҳудудида иссиқлик туфайли энг юқори даражадаги хавф огоҳлантириши эълон қилинган.