“2 октябрда 400 дан ортиқ таълим муассасаси ёпилади. Уларда дарслар масофавий тарзда ўтказилади”, — деди вазир.
У норозилик намойишчилари томонидан содир этилган зўравонлик ҳаракатларини ҳамда давлат муассасаларини вайрон қилишга қаратилган уринишларни қоралади.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳафта бошидан буён ўтказилган норозилик акциялари давомида 170 нафар юқори синф ўқувчиси ва 65 нафар таълим муассасаси ходими жабрланган.
Эдуар Жеффре ўқувчилар ҳаракати ҳаддан ташқари тажовузкор гуруҳлар таъсири остида қолганидан афсус билдирди. Шунингдек, у касаба уюшмалари ва талабалар ташкилотлари билан мулоқотни давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.
Юқори синф ўқувчиларининг норозилик акциялари ўтган ҳафта Франция пойтахтида жойлашган Иль-де-Франс ҳудудида бошланган ва ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб тарқалган. Норозилик намойишчилари ўқув жадвалининг ҳаддан ташқари зичлиги, ўқитувчилар етишмаслиги ва таълим тизимидаги бошқа муаммоларга қарши чиққан.
Айрим ҳудудларда тинч намойишлар тартибсизликларга айланиб, полиция билан тўқнашувлар содир бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликларда иштирок этгани учун қарийб 2 минг киши қўлга олинган. Уларнинг 1,8 минг нафари ҳибсга олинган.