Францияда 15 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларга тақиқ жадаллаштирилади

Фото: Фото: Pexels

АSTANА. Kazinform — Франция президенти Эммануэль Макрон 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни тезкор жорий этиш нияти борлигини маълум қилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Қонун лойиҳасини янги ўқув йили бошлангунга қадар, яъни сентябрь ойигача қабул қилиш режалаштирилган.

Ташаббуснинг асосий мақсади – болалар ва ўсмирларни рақамли платформаларнинг «зарарли таъсиридан» ҳимоя қилиш.

Франция раҳбарининг бу қарори Буюк Британия ҳукумати ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилганидан бир неча кун ўтгач қабул қилинди. Бу чоралар болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш ва экран олдида ортиқча вақт ўтказишнинг олдини олиш учун таклиф этилган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги, атроф-муҳит ва меҳнат хавфсизлиги бўйича миллий агентлик (A.N.S.E.S) маълумотларига кўра, Францияда ҳар иккинчи ўсмир смартфондан кунига 2–5 соат мобайнида фойдаланади. 12–17 ёш оралиғидаги ёшларнинг тахминан 90 фоизи интернетга ҳар куни смартфон орқали кирса, 58 фоизи ижтимоий тармоқларни мунтазам қўллайди.

Ҳисоботда ижтимоий тармоқларни ортиқча фойдаланишнинг салбий оқибатлари қайд этилган. Улар қаторида ўзини-ўзи баҳолашнинг пасайиши, ўз-ўзига зарар етказиш, гиёҳвандлик воситаларини қўллаш ва ўз жонига қасд қилишга оид хавфли контентга дуч келиш хавфининг ошиши бор. Бир қатор француз оилалари ўсмирлар орасидаги қайғули ҳодисалардан сўнг TikTok платформасига қарши шикоят киритган. Уларга кўра, бу ҳолатлар хавфли контент билан боғлиқ.

Президент TikTok қўлланишининг оқибатларини ўрганиш бўйича комиссиянинг маърузачиси, депутат Лора Миллерга қонун лойиҳасини тайёрлагани учун миннатдорчилик билдириб, ҳукуматнинг бу ҳужжатни қўллаб-қувватлаганини айтди.

Макроннинг сўзларига кўра, тақиқ 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга ва ўрта мактаблардаги мобил телефонлардан фойдаланишга тааллуқли бўлади. Унинг сўзларига кўра, бу – ўсмирлар, ота-оналар ва ўқитувчилар учун тушунарли ва аниқ қоида.

Қонун лойиҳаси Франция Миллий мажлисида биринчи ўқишда 26 январда кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Австралия ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаган биринчи давлатга айланди.