Эро, Од ва Буш-дю-Рон департаментларида йирик ўрмон ёнғинлари қайд этилди.
Энг катта ёнғин Испания билан чегара яқинида содир бўлди ва тахминан 900 гектар майдонни қамраб олди. Табиий офат ҳудудида 800 дан ортиқ ўт ўчирувчилар ишламоқда. Бироқ, кучли шамол ва тоғли ҳудуд ёнғинни назорат қилишни қийинлаштиради ва техникадан фойдаланишга имкон бермайди.
Бундан ташқари, Марсель яқинида умумий майдони 250 гектарни ташкил этувчи иккита йирик ёнғин содир бўлди. Жанубда жойлашган Роньяк шаҳридаги ёнғин ҳам тўлиқ назорат остига олинди. У ерда 40 гектар ўрмон ёниб кетди.
Ёнғин хавфи туфайли Канн яқинидаги лагерлардан 2200 киши эвакуация қилинди. Ёнғинни ўчириш учун 250 нафар ўт ўчирувчи, махсус техника, шунингдек, Canadair самолётлари ва махсус вертолётлар сафарбар қилинди.
Ёнғин мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Финистер минтақасида ҳам қайд этилди, натижада ўнлаб гектар ўрмонлар кулга айланди.
Эслатиб ўтамиз, Франция жанубида ўрмон ёнғинлари хавфининг энг юқори даражаси эълон қилинди.