Шартнома имзолаш маросими Баҳрайннинг Риффа шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Баҳрайн валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазир Салмон бин Ҳамад ал-Халифа, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жассем Муҳаммад ал-Будавий ва ташкилотга аъзо олтита давлатнинг транспорт ва коммуникация вазирлари иштирок этдилар.
Лойиҳа доирасида ягона минтақавий темир йўл тармоғи Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Қувайт, Қатар ва Ўмонни боғлайди.
Ташкилот бош котиби Жассем Муҳаммад ал-Будавий ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Форс кўрфази мамлакатларида транспорт коммуникацияларини ривожлантиришга туртки беришини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат давлатлар ўртасидаги темир йўл транспортини тартибга солади ва ягона транспорт тизимини шакллантириш учун шароит яратади.
Агар лойиҳа амалга оширилса, йўловчи ва юк ташиш осонлашади, мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқалари мустаҳкамланади ва минтақавий иқтисодиётнинг ривожланишига йўл очилади.
Эслатиб ўтамиз, Ар-Риёддаги ҳужумлардан кейин ЕИ-Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши саммити қолдирилди.