ОАВ маълумотларига кўра, FIFA Forward Enterprise ёпиқ лойиҳасининг файлларига ҳужум қилинмаган.
FIFA вакиллари киберҳужумни кескин қоралаб, бу ҳаракат инсонларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини қўпол равишда бузиш эканини ва бундай ҳолатга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Федерация тегишли органлар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганини маълум қилди.
Бироқ FIFA ҳужум оқибатида қанча киши ёки ташкилот зарар кўргани, воқеа аниқ қачон содир бўлгани ва қандай тижорат маълумотлари ўғирланганини ошкор этмади. Федерация баёнотида ўғирланган маълумотлар интернетга жойлаштирилган-жойлаштирилмагани ва қаерда эълон қилингани ҳам аниқлаштирилмаган.
Ўтган ҳафта ўзини Handsome Boy Hacking Club деб атайдиган хакерлар гуруҳи X ижтимоий тармоғида FIFAга тегишли экани тахмин қилинаётган файлларнинг скриншотларини эълон қилди. Уч кундан сўнг гуруҳ ташкилотнинг 12 гигабайтдан ортиқ ички ҳужжатлари интернетга тарқалгани ҳақидаги хабарга муносабат билдириб, ҳужумга алоқадорлигини амалда тан олди.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, ҳужум FIFA тасарруфидаги барча маълумотларнинг 0,1 фоизидан кам қисмига таъсир кўрсатган.