Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарига кўра, музокаралар чоғида томонлар терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция, контрабанда ва бошқа таҳдидларга қарши курашиш каби долзарб йўналишларда ҳамкорлик ва унинг истиқболлари юзасидан очиқ ва ишончли фикр алмашган.
Чегаравий ҳамкорлик ва умуман давлатлар ўртасидаги дўстона қўшничилик муносабатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ кун тартибидаги масалалар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
“Учрашув иштирокчилари қирғиз-тожик чегарасини делимитация қилиш ва Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш бўйича келишувларга эришдилар ва томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиладилар”, – дейилади хабарда.
Музокаралар якунларига кўра, Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси аъзоларига чегаранинг қолган участкаларини келишиб олиш, шунингдек, тегишли икки томонлама шартномани тайёрлаш ва имзолаш бўйича аниқ вазифалар берилди.