Одатда курорт май ойидан ноябргача ишлайди. Бироқ юқори ҳарорат ва бўронлар чанғи йўлакларининг сифатини сақлаш ҳамда чанғи учувчилар хавфсизлигини таъминлаш имконини бермади.
Курорт маъмурияти ушбу қарорни «оғир, аммо зарур қадам» деб атади. Улар асосий муаммо сифатида тунги вақтдаги юқори ҳароратни қайд этиб, қор қоплами қайта музлаб улгурмаётганини таъкидлади.
Ҳудудда тез-тез кузатилаётган чақмоқ ва довуллар вазиятни янада мураккаблаштирган.
Август ойининг ўртасида Италия Альпларининг баланд тоғли ҳудудларида ноодатий юқори ҳарорат қайд этилгани маълум қилинди. Денгиз сатҳидан 2000 метрдан баландликда жойлашган Форни музлигида ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 17 даражагача кўтарилган бўлса, қарийб 3000 метр баландликдаги Пассо-Маринелли довонида ҳарорат 9 даражага етган.
Аввалроқ Швейцариянинг Церматт ва Саас-Фи курортлари ҳам жазирама иссиқ туфайли чанғида учиш фаолиятини тўхтатган эди. Стельвиода ҳам шунга ўхшаш ҳолат 2022 йил ёзида кузатилган. Бироқ ушбу дам олиш масканлари қарийб икки ойдан сўнг қайта очилган.
Гидролог Роберто Динале ҳозирги шароитда курорт фаолиятини сақлаб қолиш қийин бўлишини таъкидлади.