Текширув давомида платформадаги товарлар хавфсизлигини назорат қилиш, контентни текшириш ва қоидаларни бузган сотувчиларга нисбатан чора кўриш тизимида бир қатор камчиликлар аниқланган.
Жумладан, Temu сотувчилардан фақат товарларнинг чекланган тоифалари бўйича синов баённомаларини талаб қилади. Бунинг устига, тақдим этилган ҳужжатлар ҳар доим ҳам синчковлик билан текширилмайди. Европа комиссияси, айниқса, электроника ва косметика каби хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотлар назорати етарли эмаслигига эътибор қаратган.
Текширувчиларнинг фикрича, платформанинг амалдаги модерация тизими товарлар хавфсизлигини текширишдан кўра, улар ҳақида эълон қилинган маълумотларни назорат қилишга кўпроқ йўналтирилган. Шунингдек, товарлар ассортименти кенгайган бўлса-да, контентни текширувчи мутахассислар сони шунга мос равишда ошмаган.
Европа комиссияси сотувчиларга нисбатан қўлланиладиган санкцияларни ҳам танқид қилди. Идора баҳолашича, чекловлар кўпинча аниқ бир сотувчига эмас, балки унинг шахсий дўконига нисбатан қўлланилади. Натижада дўконларидан бири блокланган сотувчи бошқа дўкон очиб, савдосини давом эттириши мумкин.
Temu компанияси Европа комиссиясининг дастлабки хулосаларига қўшилмаслигини маълум қилди.
«Ноқонуний товарлар тарқалиши хавфини камайтиришга қаратилган чораларимиз бўйича комиссиянинг дастлабки хулосаларига қўшилмаймиз», — дея хабар берди компания вакиллари.
Шунингдек, платформа вакиллари маҳсулотлар хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ва назорат механизмларини такомиллаштириш учун катта миқдорда маблағ ажратаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил май ойида Европа комиссияси Temu платформасига хавфли товарлар савдоси билан боғлиқ қоидабузарликлар учун 200 миллион евро жарима солган эди. Улар орасида болалар ўйинчоқлари ва нуқсонли қувватлагич қурилмалари ҳам бўлган.
Эндиликда компания текширувнинг дастлабки хулосалари билан танишиб, ўз эътирозларини билдириши мумкин. Агар қоидабузарликлар якуний тарзда тасдиқланса, Temu компаниясига йиллик глобал айланмасининг 6 фоизигача миқдорда жарима солиниши мумкин.