Янги қоидаларга кўра, боласи билан сафар қилаётган йўловчилар самолётдаги қўшни ўринларни қўшимча ҳақ тўламасдан брон қилишлари мумкин. Худди шундай имконият ҳаракатланиши чекланган шахсларга ҳамроҳлик қилаётган фуқароларга ҳам берилади.
Шунингдек, авиакомпаниялар авиачипта нархини қўл юкини ташиш ҳақини ҳам ўз ичига олган ҳолда тўлиқ кўринишда кўрсатишга мажбур бўлади. Бу йўловчиларга яширин қўшимча тўловларсиз нархларни осон таққослаш имконини беради. Бундан ташқари, чиптадаги исм-фамилияда йўл қўйилган хатоларни тузатиш ҳам бепул амалга оширилади.
Рейс кечиккани учун товон пули тўлаш тартиби ҳам сақланиб қолади. Агар самолёт ташувчининг айби билан уч соатдан ортиқ кечикса, йўловчилар парвоз масофасига қараб 250 евродан 600 еврогача товон пули олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Худди шундай товон пули рейс учиш вақтига 14 кундан кам вақт қолганда бекор қилиниб, бунинг учун авиакомпания жавобгар бўлган ҳолларда ҳам тўланади.
Йўловчилар товон пули талаб қилиш бўйича аризани тўққиз ой ичида топширишлари мумкин. Ариза келиб тушганидан кейин авиаташувчи 30 календарь куни ичида товон пулини тўлаши ёки рад этиш сабабларини ёзма равишда тушунтириши шарт.
Бироқ рейснинг кечикиши йўловчиларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари, ноқулай об-ҳаво шароити, табиий офатлар ёки аэропорт ва ер усти хизматлари ходимларининг иш ташлаши туфайли юз берган бўлса, авиакомпаниялар жавобгарликдан озод этилади.
Янги ўзгаришлардан яна бири — йўловчиларнинг муқобил йўналиш орқали сафар қилиш ҳуқуқидир. Агар авиакомпания уч соат ичида бошқа йўналишни таклиф қилмаса, йўловчи сафарини мустақил равишда ташкил этиши мумкин. Бундай ҳолда ташувчи дастлабки чипта қийматининг 400 фоизигача бўлган харажатларни қоплаб бериши шарт.
Нашр маълумотига кўра, янги қоидалар кучга кирганидан сўнг авиакомпанияларга уларни жорий этиш учун 12 ой вақт берилади. Шу тариқа янги нормалар тўлиқ ҳажмда 2027 йил ёзидан амал қила бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Хитой ва Қирғизистонга янги авиарейсларни йўлга қўйгани ҳақида хабар бергандик.