Европа Иттифоқи қишки вақтга ўтди

ASTANA. Kazinform - Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари якшанба, 25 октябрга ўтар кечаси қишки вақтга ўтди: соат миллари бир соат орқага сурилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги DWга таяниб хабар беради.

Фото: freepik

Европа Иттифоқида ёзги ва қишки вақтга ўтишнинг ягона қоидаси 1996 йилдан буён амал қилиб келмоқда. Март ойининг охирги якшанбасида соат миллари бир соат олдинга, октябрь ойининг охирги якшанбасида эса бир соат орқага сурилади. 2019 йилда Европа парламенти соат милларини ўзгартириш амалиётидан воз кечишни қўллаб-қувватлаган, бироқ Европа Иттифоқи мамлакатлари бу масалада ҳалигача ягона қарорга кела олмаган.

Европа Иттифоқидаги вақт минтақалари

Европа Иттифоқи ҳудудида учта вақт минтақаси мавжуд. Ирландия ва Португалияда Гринвич вақти амал қилади. Европа Иттифоқининг саккизта давлатида, жумладан Финляндия ва Болтиқбўйи мамлакатларида Шарқий Европа вақти қўлланилади. Бу вақт Гринвич вақтидан икки соат олдинда.

Европа Иттифоқининг қолган давлатларида, жумладан Германияда, Марказий Европа вақти амал қилади. У Гринвич вақтидан бир соат олдинда.