Келишув ҳали 2026 йил июль ойида Европа Парламентининг пленар йиғилишида Европа Кенгаши томонидан расман тасдиқланиши керак. Агар маъқулланса, янги қоидалар 2027 йилнинг иккинчи ярмидан кучга киради.
Йўловчилар учун асосий афзалликлар қуйидагилардан иборат:
рейс уч соатдан ортиқ кечикканда, рейс бекор қилинганда (агар бу ҳақда 14 кундан кам вақт олдин хабар берилган бўлса) ёки йўловчи самолётга чиқарилмаган тақдирда компенсация олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Компенсация миқдори парвоз масофасига қараб белгиланади:
- 1500 кмгача — 250 евро;
- 1500 кмдан 3500 кмгача — 400 евро;
- узоқ масофали рейслар учун — 600 евро.
Авиакомпаниялар муайян «йўналишни ўзгартириш» шартлари асосида узоқ масофали рейслар учун компенсация миқдорини 50 фоизгача камайтириши мумкин. Компенсация фавқулодда ҳолатларда (табиий офатлар, уруш, ноқулай об-ҳаво шароити, тартибсиз йўловчилар, яккалангган иш ташлашлар ва бошқа шу каби ҳолатлар) тўланмайди.
Авиакомпаниялар рейс кечиккан тақдирда ҳар икки соатда ичимликлар, уч соатдан кейин овқатланиш хизматини кўрсатиши шарт. Узоқ кечикишларда эса зарур бўлса меҳмонхонада жойлаштириш (энг кўпи билан уч кеча) таъминланади. Шунингдек, авиакомпаниялар сафар тугаганидан кейин тўрт кун ичида даъво аризаси бериш бўйича аниқ онлайн кўрсатмалар тақдим этиши лозим. Йўловчилар ариза бериш учун тўққиз ой, ташувчилар эса компенсация тўлаш ёки рад этиш сабабларини тушунтириш учун 30 кун вақтга эга бўлади. Бунинг учун иловалар ёки аккаунтлардан мажбурий фойдаланиш талаб қилинмайди.
- 14 ёшга тўлмаган болаларга уларга ҳамроҳ бўлган катталар билан ёнма-ён ўринлар бепул ажратилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган йўловчилар ва ҳомиладор аёллар учун ҳам қўшни ўринлар бепул тақдим этилади.
- Ногиронлиги бўлган йўловчилар аэропорт ёрдамидаги масалалар сабаб рейсни ўтказиб юборган тақдирда ҳам барча ҳуқуқларини (компенсация, йўналишни ўзгартириш ва ёрдам олиш ҳуқуқи) сақлаб қоладилар.
- Чипта нархига қўл юки бошиданоқ киритилиши керак бўлади (баъзи арзон тарифлар бундан мустасно).
Исм-фамилиядаги кичик хатоларни тузатиш ва қоғозда чоп этилган чиқиш талонлари учун қўшимча ҳақ олиш тақиқланади. Рақамли чиқиш талонлари иловалар ёки аккаунтларсиз тақдим этилиши лозим.
Европа Парламенти президенти Роберта Метсола Парламент ҳар доим йўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлиб келганини таъкидлади.
“Ушбу келишув ҳам истеъмолчилар, ҳам авиакомпаниялар учун саёҳатларни янада адолатли ва шаффоф қилади”, — деди у.
Шу тариқа, ўн йилдан ортиқ давом этган музокаралардан сўнг томонлар авиакомпаниялар учун барқарорлик ва прогноз қилиш имкониятларини сақлаб қолган ҳолда, йўловчилар ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган муросага эришдилар.