Урсула фон дер Ляйен Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашувдан сўнг ЕИ Арманистондан экспорт қилинадиган товарларнинг 80 фоизи учун импорт божларини бекор қилишини эълон қилди. Учрашувда Европа комиссиясининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос ҳам иштирок этди.
Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Арманистонда яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари мамлакатда демократиянинг мустаҳкамлигини намоён этди.
“Арман халқи ислоҳотлар ва Европа Иттифоқи билан янада яқин ҳамкорликни танлади”, — деди Европа комиссияси раиси.
Унинг сўзларига кўра, ҳеч бир давлат ўзининг суверен танлови учун босимга дуч келмаслиги керак.
“Шу боис Европа Иттифоқи Ереванга 52 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатмоқда ва Арманистон экспортининг 80 фоизи учун Европа бозорига божсиз кириш имкониятини тақдим этмоқда. Арманистон бизнинг қўллаб-қувватлашимизга таяниши мумкин”, — деди Урсула фон дер Ляйен.
Хусусан, имтиёзлар Арманистоннинг янги мева-сабзавот маҳсулотларининг 99 фоизи ҳамда ичимликлар ва алкоголь маҳсулотларининг 91 фоиздан ортиғини қамраб олади.
Европа Иттифоқининг Арманистонга молиявий ёрдами
Европа Иттифоқининг Арманистонга 52 миллион евро ажратиши ҳақида июнь ойи бошида маълум қилинган эди. Шундан икки ҳафта ўтиб, ЕИ Ереванга 34 миллион евро ўтказди. Қолган 18 миллион евро эса яқин вақт ичида ажратилиши кутилмоқда. Шу тариқа, Европа Иттифоқининг Арманистонга кўрсатган умумий молиявий ёрдами 288 миллион еврога етади.
Европа комиссияси баҳосига кўра, Арманистон Жанубий Кавказ минтақасида барқарорлик ва демократик тараққиётнинг муҳим таянчи сифатида намоён бўлмоқда.
“Шу муносабат билан Европа Иттифоқи Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик йўлида эришилган тарихий тараққиётни, шунингдек, Туркия билан муносабатларнинг босқичма-босқич яхшиланишини олқишлайди”, — дейилади Европа комиссияси расмий баёнотида.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи транспорт, энергетика ва рақамли коммуникациялар соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ташаббуслар минтақада узоқ муддатли тинчликнинг иқтисодий самарасини таъминлаш ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Европа комиссияси таъкидлашича, бу саъй-ҳаракатлар яқинда ишга туширилган минтақалараро «Алоқа платформаси» ҳамда 200 миллион евролик «Тинчлик учун боғлиқлик» дастурига таянади. Ушбу дастур Жанубий Кавказда коммуникацияларни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, келгусида давлат ва хусусий сектордан 2 миллиард еврогача инвестиция жалб этиш имкониятига эга.
Шунингдек, Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи бюджетидан Арманистон ва Озарбайжонда маҳаллий жамоаларни ривожлантириш учун «Тинчлик дивидендлари» дастури доирасида қўшимча 20 миллион евро ажратилишини ҳам маълум қилди. Бу маблағлар соғлиқни сақлаш, миналардан тозалаш, касбий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.