Евроосиё тараққиёт банки Қозоғистон иқтисодиётига 5,2 млрд доллар инвестиция киритди

ASTANA. Kazinform — Турли шаклларда ва турли муддатларга жалб қилинадиган инвестициялар Қозоғистон иқтисодиётини сифат жиҳатдан трансформация қилиш учун шароит яратади. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки Интеграциявий тадқиқотлар маркази раҳбари Александр Забоев ITS IDEAS 2026: Markets in Motion конференциясида маълум қилди.

Коллаж: Kazinform

“Маблағлар иқтисодиётга турли шаклларда, турли муддатларга, жумладан узоқ муддатли маблағлар ҳам келмоқда. Шунга қарамай, буларнинг барчаси минтақа, хусусан, Қозоғистон иқтисодиётини сифат жиҳатдан трансформация қилиш учун шароит яратади”, — деди Александр Забоев.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон аста-секин капитал, савдо ва транспорт оқимлари кесишадиган марказга айланиб бормоқда. Шу билан бирга, минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар таркиби ҳам ўзгармоқда. Инвестициялар аввалгидек фақат хомашё секторига эмас, балки қайта ишлаш саноати, электр энергетикаси, транспорт ва агросаноат мажмуаларига ҳам йўналтирила бошлади.

“Бу нафақат МДҲ ҳудудидаги инвестициялар доирасида, балки Осиё мамлакатларидан Марказий Осиёга ва дунёнинг бошқа минтақаларидан кириб келаётган инвестициялар нуқтаи назаридан ҳам содир бўлаётган жуда муҳим ва фундаментал ўзгаришдир”, — деди у.

Забоевнинг айтишича, Евроосиё тараққиёт банки 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш доирасида банкка аъзо давлатлар иқтисодиётига 9,2 миллиард доллар инвестиция киритган. Унинг 5,2 миллиард доллари Қозоғистон иқтисодиётига йўналтирилган.