Халқаро профессионал бокс кечасини ташкил этиш қўмитаси маълумотига кўра, икки вазн тоифасида собиқ мутлақ жаҳон чемпиони, машҳур америкалик боксчи Эвандер Холифилд Қирғизистонда ўз бокс академиясини очиш нияти борлигини билдирган.
Академия ёш спортчиларни тайёрлаш, мураббийлик мактабини ривожлантириш ҳамда жаҳон даражасидаги етакчи мутахассислар билан тажриба алмашишни мақсад қилади. Лойиҳа тафсилотлари, академиянинг эҳтимолий жойлашуви ва ҳамкорликнинг аниқ шакли унинг мамлакатга сафари давомида муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Иссиқкўлда Э. Холифилднинг спорт карьерасига бағишланган янги ҳужжатли фильм эпизодлари суратга олинади.
Собиқ мутлақ жаҳон чемпиони 3 июлда пойтахтда бўлиб ўтадиган йирик халқаро бокс турнирига фахрий меҳмон сифатида етиб келади.
Бокс кечасида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Таиланд ва Куба вакиллари иштирок этади. Томошабинлар саккизта профессионал жангни, жумладан, икки титулли жангни ҳам кузатадилар.
Фахрий меҳмонлар орасида шунингдек Олимпия ўйинлари бронза медаль совриндори, WBA ва WBO халқаро титуллари эгаси қазоқистонлик Қанат Ислам, ўзбекистонлик Олимпия чемпиони Мухаммадқодир Абдуллаев ҳамда Олимпия чемпиони ва собиқ WBA жаҳон чемпиони Александр Поветкин ҳам бўлиши кутилмоқда.
Аввалроқ Қирғизистон VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари видеоролигини эълон қилгани ҳақида хабар бергандик.