Eurostar компаниясидаги иш ташлаш сабабли Париж-Лондон йўналишида бир нечта поезд қатнови бекор қилинди

ASTANA. Kazinform — Франция пойтахтида Eurostar компанияси ходимларининг кутилмаган иш ташлаши сабабли Париж ва Лондон ўртасидаги бир нечта поезд қатнови бекор қилинди, яна бир қанча рейслар кечиктирилди. Темир йўл оператори йўловчиларга сафарларини кейинроққа қолдиришни тавсия қилди, деб хабар беради Euronews .

Фото: Le Parisien, Arnaud Journois

Чоршанба куни Париж-Лондон йўналишидаги бир нечта поезд қатнови компаниянинг Франция пойтахтида фаолият юритувчи ходимлари иш ташлаши муносабати билан бекор қилинди.

Операторнинг маълум қилишича, компания иш ташлаш бошлангани ҳақидаги хабарни чоршанбага ўтар кечаси олган. Норозилик акциясида поезд машинистлари ва менежерлар иштирок этган.

Eurostar вакилининг айтишича, чоршанба куни Париж ва Лондон ўртасида ҳаракатланадиган поездлар йўловчилари тунги вақтда бошланган иш ташлашдан жабр кўрган.

“Афсуски, бунинг оқибатида айрим қатновлар бекор қилинди. Бошқа йўналишларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатилмаган бўлса-да, билвосита қийинчиликлар ва кечикишлар юзага келиши мумкин”, – дейилади компания хабарномасида.

Камида олтита поезд қатнови бекор қилинган. Улар орасида Брюсселдан йўлга чиққан битта поезд ҳам бор. Яна бешта қатнов кечиктирилган.

Париждаги Гар-дю-Нор вокзалидан Лондондаги Сент-Панкрас Интернешнл вокзалига йўл олган йўловчилардан бири Euronews мухбирига дастлаб поезднинг кечикишига йўловчилар сони кутилганидан кўп бўлгани сабаб қилиб кўрсатилганини айтган. Кейинчалик компания электрон хат юбориб, кечикишнинг асл сабаби кутилмаганда бошланган иш ташлаш эканини маълум қилган.

Қатнови бекор қилинган йўловчиларга чипталарини бошқа кунга алмаштириш ёки тўланган маблағни тўлиқ қайтариб олиш имконияти берилган.

Eurostar компанияси ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳам йўловчиларни эҳтимолий кечикишлар ва поезд қатновларининг бекор қилиниши ҳақида хабардор қилиб турган.

Компания касаба уюшмалари билан музокаралар давом этаётганини маълум қилди.