Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Вице-президент Ерлан Қарин халқаро кинолойиҳанинг суратга олиш гуруҳи аъзолари билан учрашди. Учрашувда дунёга машҳур режиссёр ва киноактёр Жеки Чан, шунингдек, хорижий ва қозоғистонлик продюсерлар Эсмонд Рен, Рустем Омаров, Игорь Цай ва Оринбасар Қудайбергенов иштирок этди.
— Учрашув давомида кинематография соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, шунингдек, қўшма кинолойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди, — дейилади хабарда.
Ерлан Қарин Президент Қасим-Жомарт Тоқаев креатив саноатни ривожлантиришга ва фуқароларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Вице-президент Қозоғистонда йирик халқаро кино лойиҳаларини суратга олиш маҳаллий кино саноатини ривожлантиришга, маҳаллий мутахассисларнинг профессионал салоҳиятини мустаҳкамлашга ва мамлакатни халқаро кино ишлаб чиқариш учун потенциал платформа сифатида тарғиб қилишга ҳисса қўшишини таъкидлади.
Учрашувда кино соҳасида янги технологияларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ерлан Қариннинг хабар беришича, Давлат раҳбари қарори билан эълон қилинган бу йилги рақамлаштириш ва сунъий интеллект йилида пойтахтда Astana AI Film Festival ўтказилган. Унда дунёнинг 125 мамлакатидан 8 минг ариза келиб тушган. Иштирокчиларнинг кўлами ва географияси бўйича ушбу фестиваль дунёдаги АI-киносига бағишланган энг йирик тадбир сифатида тан олинган.
Учрашув якунида Ерлан Қарин Жеки Чанга Қозоғистонга алоҳида қизиқиши учун миннатдорчилик билдирди ва лойиҳа иштирокчиларига келажакдаги ижодий ишларида муваффақиятлар тилади.
Эслатиб ўтамиз, Манғистауда Жеки Чан иштирокидаги янги фильмни суратга олиш ишлари бошланди.