Ерлан Ақкенженов Александр Новакка II даражали «Достық» орденини топширди

ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Москвада Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси ўринбосари Александр Новак билан учрашди ва унга Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев номидан II даражали «Достық» орденини топширди.

Фото: ҚР Энергетика министрлігі

ҚР Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мукофот жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни сақлашга қаратилган самарали фаолияти, икки халқ ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилди.

Учрашув давомида томонлар ёқилғи-энергетика мажмуасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва истиқболларини, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

“Россия ва Қозоғистон ўртасида стратегик шериклик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари қарор топган. Ёқилғи-энергетика мажмуасидаги ҳамкорлик икки томонлама кун тартибининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, кўп йиллик қўшма иш тажрибасига таянади”, — дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, бугун Қозоғистон Бош вазири ўринбосари — миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин Россиянинг Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко билан учрашди.