Унинг сўзларига кўра, «Тоза Қозоғистон» ташаббусини нафақат экологик, балки фалсафий ва дунёқараш нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш зарур.
“Давлат раҳбари оддий одатлардан бошлаб, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятига қадар бўлган умумий маданиятни шакллантиришни мақсад қилган. Эндиги вазифа - ушбу йўналишларнинг барчасини бир мақсад атрофида бирлаштириб, тизимли равишда амалга ошириш”, — дейди эксперт.
Айгул Соловьева янги жамоат жойларини барпо этиш билан бир қаторда, уларнинг тозалиги ва асралиши учун масъулиятни ҳам ошириш кераклигини таъкидлади.
“Замонавий шаҳар санъати билан вандализм ўртасидаги фарқни аниқ белгилаб, тушунчаларни тўғри тизимлаштириш зарур. Шунингдек, жамоат ташкилотларини бу жараёнга фаол жалб этиш лозим. Бугун ташаббусларни муҳокама қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш имконини берадиган турли жамоат майдонлари мавжуд”, — дейди Айгул Соловьева.
Эксперт амалга оширилган ишларни шаҳар аҳолисининг фикри, хоҳиш-истаклари ва замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда баҳолашни таклиф қилди.
Айгул Соловьеванинг айтишича, «Тоза Қозоғистон» ташаббусини доимий анъанага айлантириш учун боғча тарбияланувчиларидан тортиб, катта авлод вакилларигача бўлган барча ёшдаги фуқароларни қамраб олиш муҳим.
“Ўзига хос ғояларни таклиф қилиш, обод ва кўркам шаҳарлар барпо этиш, жамоат жойлари ҳамда марказлар яратиш мумкин. Бироқ уларни маданият, мазмун-моҳият, тўғри одатлар ва фуқаролар ҳамда давлат органларининг масъулияти билан уйғунлаштирмасак, барқарор натижага эришиш қийин”, — дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қасим-Жомарт Тоқаев «Тоза Қозоғистон» ташаббусини янги мазмун, янги ғоялар ва креатив лойиҳалар билан бойитишни топширган эди. Президент қозоғистонликларни шаҳарлар ва қишлоқларни ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишга чақирди.
19 сентябрда Қасим-Жомарт Тоқаев «Тоза Қозоғистон» республика экологик акциясида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.