Йиғинга Европа кенгаши раиси Антониу Кошта раҳбарлик қилмоқда. Саммитнинг биринчи кунида иқтисодий масалаларга устувор аҳамият берилди.
ЕИ етакчилари энергия нархларининг ошиши туфайли аҳоли ва бизнес зиммасига тушаётган молиявий юкни енгиллаштириш чораларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, саммитда Европа Иттифоқининг кўп йиллик молиявий режаси кўриб чиқилади. Бунда Ирландия раислиги томонидан илгари сурилган ташаббус юзасидан музокараларга алоҳида эътибор қаратилади.
Саммитнинг иккинчи кунида Украина президенти Владимир Зеленский иштирок этиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Европа мудофааси ва хавфсизлиги, миграция, Европа Иттифоқининг кенгайиши ҳамда Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинади.
Саммит геосиёсий вазият кескинлашган бир пайтда ўтказилмоқда. Унда Европа Иттифоқи мамлакатлари ички ва ташқи сиёсатдаги долзарб масалалар бўйича умумий позицияни шакллантиришга ҳаракат қилади.