Шаҳар Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, уюшган жиноий гуруҳ хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда тарқатиш билан шуғулланган.
Бошқарма хабарига кўра, санитария талабларига риоя қилинмаган ҳолда ва сифат стандартлари қўпол равишда бузилган шароитда «Нурофен», «Амбробене Экстра», «Парацетамол», «Амброксол», «Лазолван», «Терафлю-М» ва бошқа дори воситаларининг кукунлари ҳамда сироплари тайёрланган. Ушбу дорилар асосан болаларни даволаш учун мўлжалланган бўлган.
Махсус операция давомида 35,9 минг қути сироп, 405 мингдан ортиқ қадоқ, йўриқнома ва ёрлиқлар, 600 килодан зиёд хомашё, шунингдек дори ишлаб чиқариш учун мўлжалланган 10 та ускуна мусодара қилинди.
Ички ишлар бошқармаси таъкидлашича, жиноий гуруҳ аъзоларининг қўлга олиниши ва жавобгарликка тортилиши, энг аввало, фуқароларнинг, айниқса болаларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш имконини берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи чорагида Тожикистонга қарийб 11 минг нафар қозоғистонлик турист ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.