ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон сотиб олишдан олдин бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратишни тавсия қилди.
Аввало, препарат Қозоғистонда расмий рўйхатдан ўтказилганини текшириш зарур. Шунингдек, қадоғи бутун, яроқлилик муддати ўтмаган ва дори белгиланган сақлаш талабларига мувофиқ сақланган бўлиши керак.
Қадоқда дори воситасининг номи, дозаси, дори шакли ва тегишли маркировкаси кўрсатилган бўлиши лозим. Дорини тиббиётда қўллаш бўйича йўриқнома эса қозоқ ва рус тилларида мавжуд бўлиши керак.
Дорининг асллигини қандай текшириш мумкин?
Препарат Қозоғистонда рўйхатдан ўтказилганини Давлат дори воситалари реестри — register.ndda.kz орқали текшириш мумкин.
Шунингдек, дорининг асллиги ва маркировка тизимидаги мақомини DariKz ҳамда Naqty Onim мобиль иловалари орқали қўшимча равишда текшириш имконияти мавжуд.
Вазирлик дори-дармонларни фақат уларни сотиш учун қонуний ҳуқуққа эга бўлган дорихоналар ва тегишли савдо нуқталаридан сотиб олишга чақирди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, эълонлар ёки номаълум интернет-сайтлардан дори сотиб олишда жуда эҳтиёт бўлиш лозим.