Австралиялик олимлар Буюк Британиянинг 78 мингдан ортиқ аҳолисига оид маълумотларни таҳлил қилган. Натижада кунига тахминан 3 800 қадам юрадиган одамларда деменция ривожланиши хавфи кам ҳаракатланадиган кишиларга нисбатан 25 фоизга паст экани аниқланган. Бунда юриш тезлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмаган.
Профилактик таъсир кунига тахминан 9 800 қадам юрган одамлар орасида янада юқори бўлган. Ҳар куни қарийб 10 минг қадам юрган иштирокчиларда етти йиллик кузатув даврида деменция ташхиси қўйилиш эҳтимоли тахминан икки баравар паст бўлган.
Финляндияда ўтказилган FINGER тадқиқоти ҳам турмуш тарзини ўзгартириш мия саломатлигини сақлаш ва когнитив қобилиятларнинг ёмонлашиши хавфини камайтиришга ёрдам беришини кўрсатди. Тадқиқотга нейрогериатрия профессори Мия Кивипелто раҳбарлик қилган.
Тадқиқот давомида мутахассислар жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш ва когнитив машқларни ўз ичига олган чора-тадбирлар мажмуасининг таъсирини баҳолаган. Натижалар соғлом турмуш тарзининг бир нечта омилларига бир вақтнинг ўзида амал қилиш когнитив қобилиятларга янада ижобий таъсир кўрсатишини тасдиқлаган.
Профессорнинг таъкидлашича, миядаги патологик ўзгаришлар дастлабки аломатлар пайдо бўлишидан 15-20 йил олдин бошланиши мумкин. Шунинг учун деменциянинг олдини олиш ҳам кексаликда, ҳам ёшликда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакат аҳолисининг тахминан учдан бир қисми Альцгеймер касаллиги ривожланиши хавфини оширадиган APOE4 гени вариантининг ташувчиси ҳисобланади. Бироқ генетик мойилликнинг мавжудлиги инсон албатта ушбу касалликка чалинишини англатмайди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, мия саломатлиги ҳақида қайғуришни бошлаш учун ҳеч қачон эрта ҳам, кеч ҳам эмас.