Фойдаланувчиларга платформа имкониятлари чеклангани сабабли етти кундан ортиқ вақт давомида фойдаланилмаган узун суҳбатлар тўхтатилиши ҳақида хабар берилган. Бундай сессияларни энди давом эттириш имкони бўлмайди.
Компания, шунингдек, сўровлар узунлиги чегарасини тахминан 40 000 та белгисигача қисқартирди ва кунлик квоталарни жорий қилди. Кунлик чекловга етилганда, экранда тизим серверларига тушаётган юклама ошгани ва квота тугагани ҳақида хабар пайдо бўлади.
Ушбу чекловларнинг жорий этилишига техник носозликлар кўпайгани сабаб бўлмоқда. Октябрь ойидан бери чат хизмати, шунингдек, V4 Pro ва V4.1 Flash моделларининг API интерфейслари қисман ишдан чиқиши билан боғлиқ камида бешта ҳолат қайд этилган. Энг узоқ давом этган узилиш 15 октябрь куни содир бўлиб, беш соат давом этган.
Янги чекловлар фақат мобил иловалар ва веб-версияга тааллуқли. Ишлаб чиқувчилар учун мўлжалланган дастурий интерфейсдан эса пуллик тариф асосида чекловларсиз фойдаланиш мумкин.
Янги чекловлар жорий этилганидан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари DeepSeek компаниясини бошқа йирик тил моделларини ишлаб чиқувчилар тажрибасидан келиб чиқиб, кенгайтирилган имкониятларга эга ва барқарор ишлаши кафолатланган пуллик обуналарни жорий этишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, ёзда DeepSeek 7,4 миллиард доллар инвестиция жалб этиб, Хитойдаги энг қиммат сунъий интеллект стартапига айланган эди.
Шунингдек, октябрь ойида DeepSeek асосчиси Лян Вэньфэн Хитойнинг энг бой 10 нафар тадбиркоридан бирига айланган эди.