«Бугун жаҳон ҳамжамияти Қозоғистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган Ядровий синовларга қарши халқаро ҳаракат кунини нишонламоқда. Бундан 35 йил аввал халқаро вазият мураккаб бўлганига қарамай, Семей ядровий полигони ёпилди. Ўнлаб йиллар давомида амалга оширилган портлашлар фуқароларимизнинг саломатлиги ва атроф-муҳитга улкан зарар етказиб, халқимизга ўрнини тўлдириб бўлмайдиган фожиа келтирди. Бу ядровий синовлар оқибатлари бутун инсоният учун оғир бўлганини англатувчи, шунингдек, жаҳон аҳолисини бундай даҳшатли фалокатга йўл қўймасликка чақирадиган алоҳида муҳим кундир”, – деди Президент.
Қозоғистон дунёда қудрати жиҳатидан тўртинчи ўринда турган ядровий арсеналдан ўз ихтиёри билан воз кечди. Мамлакатимиз тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлини танлаб, тарихий қарор қабул қилди. Бунинг шарофати билан халқимизнинг кўп йиллар давомида орзу қилган эзгу ниятлари рўёбга чиқди.
“Бу қадам давлатимизнинг ўсиб келаётган авлод олдидаги чуқур масъулиятини яққол намоён этгани шубҳасиз. Янги Конституция муқаддимасида мамлакатимиз тинчликка интилиши ва барча давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатиши аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу тамойил ташқи сиёсатимизнинг ўзгармас қоидаси бўлиб қолади. Халқаро антиядровий ҳаракат етакчиларидан бири сифатида мамлакатимизнинг позицияси ўзгармайди: биз ядровий давлатлар ўртасида низолар эмас, балки музокаралар бўлишини қўллаб-қувватлаймиз. Ядровий синовларни ҳар томонлама тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг кучга киришини тезлаштиришга ва ядровий қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарларни бартараф этиш учун биргаликда дадил қадамлар ташлашга чақирамиз. Биз атом энергиясидан фақат бунёдкор мақсадларда фойдаланиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Халқимиз умуммиллий референдумда ядровий энергетикани ривожлантиришнинг стратегик йўналишини якдиллик билан қўллаб-қувватлаб, Қозоғистоннинг ўнлаб йилларга мўлжалланган иқтисодий ва илмий-техникавий юксалиши учун мустаҳкам пойдевор яратди”, – деди Президент.
Ушбу стратегик танлов кенг кўламли ўзгаришларга йўл очиб, давлатимизнинг барқарор ўсиши ва тараққиётига алоҳида туртки бериши аниқ.
“Ҳозирги кунда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мақсади битта. Биз адолатли, барқарор ва тоза Қозоғистонни барпо этмоқдамиз. Барчамиз бир мамлакат бўлиб, юксак мақсадимизга эришамиз. Мен бунга қатъий ишонаман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.