— Туркий давлатларнинг тарихий ва маданий меросини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодларга етказиш барчамиз учун умумий вазифадир. Шунинг учун, Туркистон шаҳрининг маънавиятимиздаги ролини ҳисобга олган ҳолда, мен бу ерда Туркий цивилизация марказини ташкил этишга қарор қилдим. Ушбу марказ қардош мамлакатлар томонидан қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, маданий лойиҳалар ва таълим дастурларини амалга ошириш учун шароит яратади, шунингдек, гуманитар ҳамкорлигимизни мустаҳкамлайди, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президентнинг сўзларига кўра, марказ фаолиятини самарали ташкил этиш учун Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг илмий ва академик салоҳиятидан фойдаланилади.
— Ушбу университетга зарур молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатилади. Биз ҳаммамиз ҳозиргина Туркийлар цивилизацияси марказининг пойдеворини қўйиш маросимига гувоҳ бўлдик. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга жуда миннатдормиз, — деди Давлат раҳбари.
Аввал хабар қилинганидек, бугун Туркистонда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бошланди. Саммитда ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари — Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳамда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.