Қасим-Жомарт Тоқаев Юрико Коикэ раҳбарлигида Токио дунёдаги энг хавфсиз, энг тоза ва энг самарали бошқариладиган мегаполислардан бирига айланганини айтди.
“Сизни жаҳон миқёсидаги нуфузли сиёсатчи сифатида таниймиз. Сизнинг узоқ йиллар давомидаги доно раҳбарлигингиз ва мамлакатингиз йўлидаги хизматларингиз юксак ҳурматга лойиқ. Қозоғистон халқи Сизни давлат арбоби ҳамда мамлакатимизнинг дўсти ва ҳамкори сифатида билади. Қозоғистон тарихи ва маданиятини тарғиб қилишга қаратилган меҳнатингизни юқори баҳолаймиз. Бу икки халқ ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди”, — деди Давлат раҳбари.
Президент ўтган йили Японияга расмий ташрифини меҳр билан эслаб, натижада икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганини таъкидлади.
“Мен Токионинг “Ақлли шаҳар” дастури билан танишдим. Бу бизда қизиқиш уйғотди. Чунки биз мамлакатимизда ҳам Smart City концепциясини илгари сурмоқдамиз. Ишончим комилки, Сизнинг Астанага ташрифингиз фойдали бўлади. Чунки биз ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ва мегаполисни бошқариш тажрибасини ўрганишга иштиёқмандмиз”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Токио губернатори меҳмондўстлик учун Давлат раҳбарига миннатдорчилик билдирди.
“Сизнинг раҳбарлигингизни, шунингдек, иқтисодий ўсишни ривожлантириш, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган фундаментал ислоҳотларингизни юқори баҳолайман. Қозоғистон минтақадаги йирик ва ресурсларга бой мамлакат сифатида Марказий Осиёда Европа ва Осиёни боғловчи асосий марказ сифатидаги ролини мустаҳкамламоқд”, — деди Юрико Коикэ.
Президент ва губернатор рақамли технологиялар, инновациялар, халқаро молия ва таълим каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни ўрнатиш имкониятларини муҳокама қилдилар.