Давлат раҳбари қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш муҳимлигига эътибор қаратди
ASTANA. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев қишлоқ хўжалиги ходимларининг иккинчи форумида сўзлаган нутқида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
“Агросаноат мажмуасини рақамлаштириш билан жиддий шуғулланиш керак. Маълумки, Мурожаатномамда оммавий рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини барча соҳаларга жорий этиш асосий вазифа сифатида тилга олинган эди. Бу қишлоқ хўжалиги учун катта аҳамиятга эга. Чунки янги технологиялар йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконини беради. Ақмола вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда йиғиб олинган маҳсулотларни тўғри сақлашни таъминлаш, йўқотишларни минималлаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқ бердим. Мамлакатимиздаги кўплаб фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлиги ҳам шунга боғлиқ. Олдимизда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект элементларидан фойдаланган ҳолда давлат ғалла захираларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш вазифаси турибди. Бунинг учун мавжуд дон омборларини модернизация қилиш, замонавий элеваторлар қуриш зарур. Буғдойни қабул қилиш ва жўнатишни ҳисобга олишнинг электрон тизимининг мавжудлиги хусусий элеваторлар қурилишини молиялаштириш дастурининг мажбурий шарти бўлиши керак. Бугунги кунда кўплаб фермерлар технологик инновациялардан (ақлли фермалар, агродронлар, сунъий йўлдош технологиялари ва СИ) фаол фойдалана бошладилар. Бироқ умуман мамлакат миқёсида қандайдир тизимли ўзгаришлар бўлмоқда, деб айтишга ҳали эрта”,- деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, йиғилиш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, тармоқ бирлашмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, инвесторлар, фахрийлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида таҳсил олаётган талабалардан иборат икки мингдан ортиқ кишини жамлади.