Давлат раҳбари Қирғизистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Кazinform — Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

— Президентлар икки томонлама ҳамкорликнинг жадал ривожланаётганини таъкидладилар. Шунингдек, улар олий даражада эришилган келишувларнинг, жумладан, жорий йилнинг 21-22 август кунлари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қирғизистонга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилишини ҳам муҳокама қилишди. Суҳбат давомида Қасим-Жомарт Тоқаев Садир Жапаровни туғилган куни билан табриклади ва унга қардош қирғиз халқи манфаатлари йўлида давлат хизматида муваффақиятлар тилади. Давлат раҳбари Қирғизистон Президентининг икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган улкан ҳиссасини юксак баҳолашини маълум қилди, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев Финляндия Мустақиллик куни муносабати билан Президент Александр Стуббга табрик телеграммаси юборган эди.