Президент ижтимоий-маданий соҳада давлат сиёсатини кучайтириш бўйича топшириқ берди

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари ҚР Бош вазири ўринбосари — Маданият ва ахборот вазири Аида Балаевани қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ақорда

Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга янги Конституция қоидаларини маданият, ахборот ва ижтимоий сиёсат соҳаларида амалга ошириш жараёни, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида ахборот берилди.

Аида Балаева қонунчиликни янги Конституцияга мувофиқлаштириш, давлат ахборот сиёсатини такомиллаштириш, рақамли маконни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, оила ва ёшлар сиёсати, кўнгиллилик ва жамоатчилик назорати соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

— У янги таълим, илмий, маърифий ва ижодий муассасаларни яратиш, анъанавий санъатни қўллаб-қувватлаш ва малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳаларида мамлакат маданий инфратузилмасини жонлантириш бўйича таклифлар билдирди, — дейилади хабарда.

Давлат ижтимоий сиёсатини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

— У таълим, фан, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик, спорт ва туризм соҳаларини ривожлантириш ҳақида гапирди. Идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ва ижтимоий соҳа инфратузилмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди, — дейилади Ақорда хабарида.

Президент маданият, ахборот ва ижтимоий ривожланиш соҳаларида давлат сиёсатини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор вазифаларни қўйди.