Давлат раҳбари Хавфсизлик кенгашининг киберхавфсизлик бўйича йиғилишини ўтказди

ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг фуқаролар учун киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Фото: Ақорда

Давлат раҳбари яқиндаги Мурожаатномасида Қозоғистонни тўлиқ рақамли давлатга айлантириш вазифасини белгилаганини таъкидлади. Бу эса комплекс чора-тадбирларни, жумладан, киберхавфсизлик соҳасида кенг кўламли ишларни амалга оширишни тақозо этади.

Фото: Ақорда

«Учрашувда замонавий кибертаҳдидлар ва уларга қарши курашиш усуллари, муҳим ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик соҳасини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Йиғилишда рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ермек Сағимбаев маъруза қилди.

Фото: Ақорда

Президент кибержиноятларга, жумладан, фирибгарликка қарши курашиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, у кибержиноятларни тергов қилиш билан шуғулланувчи давлат органларининг ваколатларини ошириш чора-тадбирларига алоҳида тўхталди.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ва шахсий маълумотларни тарқатганлик учун жазо чораларини кучайтиришни устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

Фото: Ақорда

Шунингдек, аҳолига кибер муҳитда хавфсизлик ва масъулиятли хулқ-атвор тамойилларини кенг тушунтириш, профилактика ишларини кучайтириш зарур.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари стратегик хатарларни камайтириш ва киберхавфсизлик муаммоларини тизимли ҳал этиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент бокс бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан боксчиларни табриклагани ҳақида хабар берган эдик.