Давлат раҳбари Бразилия Президентига ҳамдардлик телеграммаси йўллади

ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Бразилиянинг Сан-Паулу штатида йўловчи самолётининг қулаши ва кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши муносабати билан Президент Луис Инасиу Лула да Силвага ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Акорда

«Шундай оғир дамларда қайғуларингизга шерик бўламан, Қозоғистон халқи ва шахсан ўз номимдан Сизга ва яқинларини йўқотган оилаларга, шунингдек, дўст Бразилия халқига ҳамдардлик билдираман», – дейилади телеграммада.

Эслатиб ўтамиз, кеча Бразилиянинг Сан-Паулу яқинида Voepass компаниясининг йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган. Компания маълумотларига кўра, самолётда 61 киши бўлган. Маҳаллий ҳукумат йўловчилар ва экипаж аъзоларидан ҳеч бири омон қолмаганини маълум қилди.