Бу йил Қозоғистонда мактаб битирув кечаларини ресторанларда ўтказишга рухсат бериладими

ASTANA. Kazinform — Мактаб битирув кечаларини ўтказишга янги чекловлар киритилди, деб хабар беради ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Оқу-ағарту министрлігі

ҚР Таълим-маориф ва Ички ишлар вазирликлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ўрта таълим муассасаларида битирув кечаларини ўтказиш талабларини аниқлаб олдилар. Бунинг учун қўшма буйруқ қабул қилинади.

Кўрилган чоралар ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.

“Аттестатларни топшириш маросими фақат таълим муассасалари биноларида ташкил этилади. Ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан ёки қонуний вакилларидан маблағ ва бошқа моддий бойликларни йиғиш қатъиян ман этилади. Белгиланган талабларга мувофиқ, битирув кечаларини таълим муассасалари ташқарисида ташкил этишга йўл қўйилмайди”, — дейилади хабарда.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига молиявий харажатларни талаб қилмайдиган ўқув ва маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш топширилди.

Ички ишлар органларига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш вазифаси топширилди.