Бу — келажакка қаратилган ҳаракатлар дастури – Озарбайжон экспертларининг Мурожаатнома юзасидан фикрлари
ASTANА. Кazinform - Озарбайжонлик экспертлар Парламентни бир палатали тизимга ўтказиш ташаббусини таъкидладилар. Бокуда улар буни маҳаллий ҳокимиятлар даражасида бошланган сиёсий модернизациянинг қонуний давоми деб билишади.
Жанубий Кавказ тадқиқот маркази директори, сиёсатшунос Фарҳод Маммадовнинг айтишича, Мурожаатноманинг сиёсий қисмида жуда муҳим таклифлар мавжуд.
— Президент Тоқаевнинг сиёсий соҳадаги ислоҳоти аввалроқ маҳаллий даражада бошланган ўзгаришларнинг мантиқий давомидир. Энди бу сафар ҳокимиятнинг иккинчи тармоғи - қонун чиқарувчи орган ҳақида гапирамиз. Парламентнинг тўлиқ партиявий рўйхатлар бўйича сайланиши билан бир палатали тизимга ўтиш сиёсий рақобатни ривожлантириш учун янги имкониятлар очмоқда. Бу партияларнинг ролини кучайтиради, ҳокимият органларининг шаффофлиги ва ҳисоб беришига хизмат қилади, шунингдек, қонун чиқарувчи органнинг Ҳукумат устидан назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтиради, - дейди эксперт.
Маммадовнинг фикрича, ислоҳотнинг асосий хусусияти шундаки, у очиқ муҳокама қилинади ва фақат референдум орқали амалга оширилади. Бу очиқ демократия талабларига жавоб беради.
Сиёсий таҳлилчи, “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослари клуби раҳбари Илгар Велизаде Мурожаатномада баён этилган технологик ва институционал ташаббусларга, жумладан, сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этишга эътибор қаратди.
— Қозоғистон Президенти “рақамли держава”ни яратиш бўйича аниқ стратегияни белгилаб берди. Бу шунчаки баёнот эмас, бу — бутун дастур. Қозоғистон технологик суверенитет асосларини қўймоқда ва ҳуқуқий тизимга рақамли кун тартибини киритмоқда. Бундай қадам, айниқса, сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ва рақамли ресурслар учун глобал рақобат шароитида муҳим аҳамиятга эга, — деди Илгар Велизаде.
Эксперт шунингдек, контейнер ташувларини рағбатлантириш, логистикани рақамлаштириш, Smart Cargo тизимини жорий этиш ва транспорт хабларини ривожлантириш бутун инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган тизимли ёндашув эканлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, юқори технологиялар ва ишлаб чиқариш соҳаларига халқаро сармояларни жалб қилишда икки давлат позициялари бир-бирига мос келади.
Велизаде Мурожаатноманинг экологик қисмига, айниқса, Каспий денгизининг саёзлашуви юзасидан билдирилган хавотирларга алоҳида эътибор қаратди.
— Президент Тоқаев барча Каспийбўйи давлатлари учун умумий муаммо эканлигини таъкидлади. Денгизнинг саёзлашиши минтақа иқтисодиёти, логистика ва экотизим учун катта муаммо ҳисобланади. Биргаликда ҳаракат қилишга чақирув ўз вақтида ва стратегик жиҳатдан муҳим қадамдир. Бу масала Озарбайжон томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланади, — деди у.
Мурожаатноманинг ташқи сиёсатга доир қисмини шарҳлар экан, Бокудаги СТEМ таҳлилий маркази директори Орхан Йўлчуев Қозоғистоннинг халқаро майдондаги салмоғини қайд этди.
Унга кўра, Президент Тоқаев БМТ Бош котиби ўринбосари сифатида дипломатик тажрибага эга. Шу боис унинг нутқи халқаро ҳамжамиятда катта қўллаб-қувватланади ва Хавфсизлик кенгашининг келажаги бўйича кенг кўламли мулоқотга туртки бериши мумкин.
— Бундай баёнотлар, айниқса, инқироз ва можаролар туфайли мавжуд механизмларнинг самарадорлиги шубҳа остига олинаётган бугунги кунда долзарбдир. Қозоғистон ва Озарбайжон каби “янги ўрта державалар”нинг халқаро ташкилотлар бошқарувидаги овозини кучайтириш керак. Уларнинг минтақавий хавфсизлик, иқлим кун тартиби ва барқарор ривожланишга қўшган ҳиссаси бу мамлакатларни глобал саҳнада муҳим ўйинчиларга айлантиради, — дея қўшимча қилди эксперт.
Умуман олганда, экспертлар Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Мурожаатномаси стратегик барқарорлик ва замонавий тафаккурни намоён этишини таъкидлади.
— Бу шунчаки сиёсий баёнот эмас, бу — келажакка қаратилган аниқ ҳаракатлар дастури. Қозоғистон янги шароитларга мослашиб, ўзининг асосий тамойилларидан четга чиқмаслигини кўрсатмоқда, — деди экспертлар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҚР Давлат маслаҳатчиси рақамли трансформация ва сунъий интеллект миллий стратегияга интеграция қилинишини таъкидлаган эди.