Бразилияда кучли ёмғир оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлди

ASTANA. Kazinform — Бразилиянинг жануби ва жануби-шарқидаги ҳудудларда узлуксиз ёққан ёмғир ва бўронлар оқибатида камида саккиз киши, жумладан, бир ёшли бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фуқаро муҳофазаси хизмати вакиллари чоршанба куни маълум қилди, деб хабар беради Xinhua агентлиги.

Photo credit: Xinhua

Аргентина ва Парагвай билан чегарадош Парана штатида олти киши ҳаётдан кўз юмган. Душанба кунидан буён штатнинг бир нечта муниципалитетида юз берган сув тошқинлари ва тўсатдан сув босиши оқибатида қарийб 10 минг нафар аҳоли жабрланган.

Сан-Паулу штатидаги Монте-Алегри-ду-Сул муниципалитетида кўчки оқибатида уйини тупроқ босиб қолган 21 ёшли аёл ва унинг бир ёшли ўғли ҳалок бўлган.

Ҳудуддан ўтаётган совуқ ҳаво массаси туфайли юзага келган бўрон сўнгги икки кун давомида сув тошқинлари, электр таъминотидаги узилишлар, турар жой бинолари ва инфратузилманинг шикастланишига сабаб бўлган.

Бундан бир неча кун аввал жанубдаги Риу-Гранди-ду-Сул штатида жойлашган Тупансирета муниципалитетида юз берган яна бир бўрон оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 265 киши жароҳатланган эди.

Эль-Ниньо ҳодисаси билан боғлиқ ҳолда Бразилия жанубида ҳанузгача юқори даражадаги огоҳлантириш режими сақланиб қолмоқда. Тинч океанининг экваториал қисмида сув ҳароратининг меъёрдан ташқари кўтарилиши билан тавсифланадиган ушбу ҳодиса минтақада ёғингарчилик миқдорининг ўртача кўрсаткичдан юқори бўлишига сабаб бўлиши мумкин.