Резолюцияга мувофиқ, Бош Ассамблея 2027–2036 йилларни Келажак авлодлар учун тинчликни мустаҳкамлаш халқаро ўн йиллиги деб эълон қилди.
Ушбу ўн йилликнинг асосий мақсади - тинчликни мустаҳкамлаш, мулоқот ва ярашувни рағбатлантириш, шунингдек авлодлар ўртасидаги, жумладан болалар, ёшлар ва кексалар ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда келажак авлодларнинг эҳтиёж ва манфаатлари сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларида инобатга олинишини таъминлашдан иборат.
Резолюцияда тинчлик, ярашув, мулоқот ва миллий бирликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган аъзо давлатлар, етакчилар ва халқларнинг саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланган.
Шунингдек, ҳужжатда БМТ Низомининг мақсад ва тамойиллари, жумладан «келгуси авлодларни уруш офатидан асраш» ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал этиш мажбурияти яна бир бор эслатилган.
Резолюцияда 2024 йилги Келажак саммитида қабул қилинган мажбуриятлар, шунингдек аъзо давлатлар келажак авлодлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ҳамкорликни кучайтириш мажбуриятини олган «Келажак пакти»нинг қабул қилиниши ҳам мамнуният билан қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда Марказий Осиёда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар эътироф этилиб, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳамда тегишли келишувларни имзолагани қутланади.