Форумга Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси Одилбек Қосималиев ҳамраислик қилмоқда.
Анжуманда икки мамлакат давлат органлари раҳбарлари, ҳудудий ҳокимият вакиллари, ишбилармон доиралар ҳамда тараққиёт ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Қозоғистон томонидан форумда Алмати, Жамбил, Шарқий Қозоғистон, Ақмола, Қарағанди ва Жетису вилоятлари, шунингдек, Алмати ва Туркистон шаҳарлари вакиллари қатнашмоқда. Қирғизистондан эса Иссиқкўл, Чуй, Жалолобод, Ўш ва Талас вилоятлари ҳамда Ўш шаҳри вакиллари келган.
Дастурдан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда ҳудудларнинг ўрни ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистон минтақалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда туризмнинг аҳамиятига бағишланган муҳокамалар ўрин олган. Иштирокчилар минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш, чегараолди туризмини ривожлантириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқадилар.
Учрашув давомида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар ва тижорат ҳужжатларини имзолаш ҳамда ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтади.
Шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари B2B форматида учрашиб, тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, ишбилармон ҳамкорлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қиладилар.