Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллиги: Бокуда Туркий дунё ҳафталиги очилди

ASTANA. Kazinform — Озарбайжон пойтахти Бокуда Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган Туркий дунё ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: ҚР Мәдениет және ақпарат министрлігі

Тадбир муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокчиларга табрик мактуби йўллади. Давлат раҳбарининг табригини Президент маслаҳатчиси Малик Отарбаев ўқиб эшиттирди.

Бундан аввал Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг XII саммитида Давлат раҳбари Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ноёб майдон эканини таъкидлаган эди.

Дастурнинг биринчи куни «Туркий дунё — бир оила: умумий мақсад йўлида туркий ҳамкорлик халқаро ташкилотлари фаолияти» мавзусида пленар мажлис бўлиб ўтди. Шунингдек, «I Туркология қурултойига — 100 йил (1926–2026)» эсдалик нишонларини топшириш маросими ва мавзуга бағишланган панель муҳокамалари ташкил этилди.

Тадбирда туркий давлатлар билан бир қаторда, дунёнинг 20 та мамлакатидаги илмий марказлардан келган қарийб 80 нафар таниқли турколог олимлар, шунингдек, туркий ҳамкорлик йўналишидаги халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Улар орасида Қозоғистон делегацияси ҳам бўлди.

Туркий дунё ҳафталиги 3 июлга қадар давом этади.

Аввалроқ Андижонга Туркий дунёнинг маданий пойтахти мақоми берилгани ҳақида хабар қилинган эди.