Бир палатали Парламент — мантиқий қадам: россиялик экспертларнинг фикри

Фото: Коллаж: Kazinform

МОSKVА. Кazinform - Давлат раҳбарининг Парламентни бир палатали қилиш ташаббуси нафақат мамлакат ичида, балки қўшни давлатлар экспертлар ҳамжамиятида ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Россиялик экспертларнинг фикрича, бир палатали Парламент қонун ижодкорлиги жараёнини соддалаштиради ва бошқа жиҳатларга путур етказмаган ҳолда унинг самарадорлигини оширади.

Россиядаги Минтақавий муаммолар институти илмий етакчиси Дмитрий Журавлевнинг фикрича, Қозоғистон Парламенти юқори палатасининг ваколатларини ҳисобга олсак, бу ҳозирги шароитда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартибини соддалаштиришнинг мантиқий йўлидир.

— Бунинг сабаби шундаки, Сенат махсус ваколатларга эга эмас, у фақат Мажилис томонидан қабул қилинган қонунларни маъқуллайди, кўп ҳолларда палаталарнинг позицияларини мувофиқлаштириш жараёни содир бўлади. Бундай шароитда бир палатали Парламент тез ва самарали ишлайди, – дейди у.

Эксперт фикрича, икки палатали Парламент ёш демократияни хатолардан ҳимоя қилиш мақсадида тузилган бўлиши мумкин.

— Ҳозир ҳам демократия ҳали ёш, лекин аввалгидек қонунчиликдаги хатолардан қўрқадиган даражада эмас. Шунинг учун ҳам Қозоғистон Президенти бу ташаббус билан чиқмоқда, – деди эксперт.

Яна бир россиялик эксперт Максим Шевченконинг айтишича, Қозоғистон ўз анъаналари ва тарихий хусусиятларига таяниши керак. У умумхалқ муҳокамаси муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, энг аввало, Парламент қандай шакллантирилишини аниқлаш керак: партия рўйхатлари бўйичами ёки халққа яқинроқ бошқа мезонлар асосидами? Ҳақиқий сиёсий ҳокимият қаерда тўпланишини аниқлаш ҳам муҳимдир.

– Бу борада Хитой мисоли диққатга сазовордир. У ерда фақат битта палата бор - Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши. Асосийси, ҳокимият ва ижтимоий институтлар тизими халқнинг анъанавий турмуш тарзига мос келиши керак. Ҳар бир давлатнинг шакли ҳар хил бўлиши мумкин, лекин унинг замирида халққа ғамхўрлик муҳим аҳамиятга эга. Бу маданиятга мос келади ва шунинг учун барқарор бўлади, - деди эксперт.

Бундан ташқари, Максим Шевченконинг сўзларига кўра, Қозоғистонда турли миллат вакиллари яшайди ва қозоқлар уларнинг кўпчилигига биродар бўлиб қолган.

– Шундай экан, Парламент тизими ҳамма учун мос бўлиши керак, – дея хулоса қилди эксперт.

Эслатиб ўтамиз, Президент бир палатали Парламент тузиш ташаббуси билан чиқди.