Бельгия Қозоғистоннинг ишончли ҳамкори бўлишга тайёр — Максим Прево

ASTANA. Kazinform — Брюсселда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди Бельгия Қироллиги Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар, Европа ишлари ва тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик вазири Максим Прево билан учрашди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг махсус мухбири.

Фото: Министерство иностранных дел Бельгии

Учрашув Европа Иттифоқи, Қора денгиз минтақаси, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақалараро ўзаро боғлиқлик бўйича иккинчи вазирлар учрашувидан сўнг бўлиб ўтди.

Бельгия вазири ўз баёнотида бу икки мамлакат вакиллари ўртасидаги илк учрашув эканини таъкидлади. Томонлар жорий йил октябрь ойида Қирол Филипп ва Қиролича Матильданинг Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларига, шунингдек, икки мамлакат ташқи ишлар идоралари ўртасида 2027-2029 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасининг яқинда қабул қилинганига таянган ҳолда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида эканини тасдиқлади.

“Бельгия умумий мақсадларимизни аниқ натижаларга айлантириш йўлида Қозоғистоннинг ишончли ҳамкори бўлишга тайёр”, — деди Максим Прево.

У ҳамкорлик учун истиқболли бўлган бир қатор йўналишларни қайд этди. Улардан бири — муҳим хомашё соҳаси. Бу йўналишда Қозоғистоннинг табиий ресурслар салоҳияти Бельгиянинг хомашёни қайта ишлаш ва унга ишлов бериш тажрибаси билан уйғунлашади.

Шунингдек, вазир стратегик аҳамиятга эга бўлган Транскаспий халқаро транспорт йўналишига (Ўрта коридор) алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, мазкур йўналиш бизнес учун янги имкониятлар очиб, таъминот занжирини диверсификация қилишга хизмат қилади.

Вазирлар 2027 йилда нишонланадиган икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигига тайёргарлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. Максим Прево келгуси йили Қозоғистонга ва умуман Марказий Осиё минтақасига ташриф буюриб, икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашни режалаштираётганини маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, 2027-2029 йилларга мўлжалланган йўл харитаси сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш, идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришни назарда тутади.

Октябрь ойида Қироллик жуфтининг Қозоғистонга давлат ташрифи давомида томонлар муҳим хомашё, транспорт ва логистика масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди. Шунингдек, бир қатор тижорат ҳамда илмий-таълим соҳаларидаги келишувлар имзоланган.

Мухтар Тилеуберди Брюсселга амалий ташрифи доирасида Европанинг бир қатор мамлакатлари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди, шунингдек, Бельгия бизнес вакиллари билан ҳам музокаралар олиб борди. Жумладан, Sarens Group, Ahlers Logistics ва бошқа компаниялар билан логистика соҳасига инвестиция киритиш ҳамда Ўрта коридорни рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.