Бу Мюнхен техника университетининг янги тадқиқоти билан боғлиқ. Тадқиқот муаллифлари автомобилнинг бутун ҳаёт айланишини ҳисобга олган ҳолда, электромобиллар карбонат ангидрид чиқиндиларини ички ёнув двигателларига эга автомобилларга нисбатан ўртача атиги 41% га камайтиради деган хулосага келишди.
Маркус Зёдернинг сўзларига кўра, бу Европанинг автомобилсозлик саноатига нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
– Яна бир бор Европа Иттифоқининг ички ёнув двигателларига тақиқни бутунлай бекор қилиш режаси шошилинч равишда зарурлиги аниқ бўлди. Илмий тадқиқотлар ҳам буни тасдиқлади, — деди Бавария Бош вазири БИЛДга берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, Европага қатъий тақиқлар ўрнига турли технологияларнинг ёнма-ён ривожланишига имкон берадиган бетарафлик керак.
– Европага автомобиллар керак. Трансформация, албатта, содир бўлади, лекин буни тақиқлар орқали эмас, балки технологияларга очиқлик орқали амалга ошириш яхшироқдир. Биз энг муҳим соҳаларимиздан бирини янада заифлаштирмаслигимиз керак, — деди Маркус Зёдер.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати автомобилсозлик саноатидаги иш ўринларидир. BILD маълумотларига кўра, Фраунгофер институти томонидан ўтказилган тадқиқотга биноан, 2040 йилга бориб Европа автомобилсозлик саноатидаги ҳозирги 1,6 миллион иш ўринларидан тахминан 726 мингтаси йўқолиши мумкин. Бу умумий иш ўринларининг тахминан 45 фоизини ташкил қилади.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, 2035 йилга бориб иш ўринларининг катта қисми йўқолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Германия электросамокат ҳайдовчиларига қўйиладиган талабларни кучайтирмоқчи.