ЖССТ маълумотларига мувофиқ, 9 октябрга қадар қайд этилган 202 мингта гумонли ҳолатдан 22 мингтаси лаборатория текширувлари орқали тасдиқланган. Мутахассислар қизамиқнинг авж олишини эмлаш даражасининг пасайиши ва болаларга тиббий ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилмаётгани билан боғламоқда.
2025 йилда Бангладешда қизамиққа қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан қамров даражаси 90 фоизга, иккинчи дозаси билан эса 86 фоизгача пасайган. ЖССТ эса касалликнинг кенг тарқалишининг олдини олиш учун эмлаш қамрови 95 фоизга етиши зарурлигини таъкидламоқда.
Баҳорда ўтказилган шошилинч эмлаш кампанияси давомида қарийб 20 миллион бола вакцина олган бўлса-да, дастур миллионлаб болаларни қамраб ололмаган. Бунга болалар ҳақидаги маълумотларнинг тўлиқ эмаслиги, тайёргарликдаги камчиликлар ва тиббиёт ходимларининг олис аҳоли пунктларига етиб бора олмагани сабаб бўлган.
Reuters ўрганган маълумотларга кўра, сиёсий беқарорлик, тиббиёт ходимларининг иш ташлашлари ва вакциналарни етказиб беришдаги кечикишлар ҳам эмлаш дастурининг заифлашишига таъсир кўрсатган.
Мутахассислар Бангладешдаги вазиятни бошқа мамлакатлар учун огоҳлантириш сифатида баҳолаб, эмлаш даражасини ошириш ва соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидламоқда.